Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алиса - бўйдоқлар учун хавфли!

Алиса - бўйдоқлар учун хавфли!

Фото: "YouTube"

Энди телефондаги Алиса уй ишларини ҳам қилади. Қандай қилиб, дейсизми?

“Яндекс” янги иловани ишга туширди. Бу телефондаги котиба орқали ақлли уй технологияларини амалга оширишга қаратилган. Янги мобил илова бепул.  

Алисанинг фаолияти кенгайиб, телефон ҳаёти билан чекланмай қолди. У хонадондаги маиший техника, датчиклар ва қурилмаларни бошқаради. Масалан, тонгда кўзингизни очишингиз билан “Алиса, уйғон” десангиз, у радиони ишга туширади, чой қўяди ва ҳаммомнинг чироғини ёқади.

Алиса бор экан, ақлли уйни йўлдан туриб ҳам бошқариш мумкин. Уйдан ташқарида бўлсангиз ҳам эҳтиёжга кўра чангютгични ишлатишингиз, кондиционерни ёқишингиз мумкин. Ёки бирор техникани ёқиқ қолдирмадиммикин, деб хавотир олишга ўрин йўқ, Алисага айтсангиз, ўзи ўчириб қўяди.

Ҳаракатларни олдиндан сценарийлаштириш имконияти боис Алиса сизни бир оғиз сўзингиздан тушунади. Мисол учун, “Алиса, уйга кетяпман” десангиз, у дарров кондиционерни ёқиб уйларни салқинлатиб ёки печка билан иситиб, йўлакнинг чироғини ёқиб қўяди.

“Яндекс” Алисани чаққонлаштириш учун фойдаланувчиларнинг таклифларига очиқ эканини билдирди. Биз эса “темир хотин”ни бу даражада мукаммаллаштирмасликни маслаҳат берамиз. Ахир бўйдоқларнинг уйланиш фикридан қайтиши ҳеч гап эмас! Эрталабдан чой дамлайдиган, ишдан келгунича уйини саришта қилиб ўтирадиган, яна туну кун суҳбатлашишга тайёр Алиса бўлганидан кейин эркаклар "Хотин нимага керак?!" деб қолишлари мумкин-да! 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг