Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сунъий интеллект ташхиси, таянч-ҳаракат аппарати – тиббиётга оид 10 та стартап

Сунъий интеллект ташхиси, таянч-ҳаракат аппарати – тиббиётга оид 10 та стартап

Фото: Google

Сўнгги вақтлар соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам инновацион лойиҳалар сони ортиб бормоқда. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида маълумот берамиз.

1. TytoCare (АҚШ)

2012 йилдан бери TytoCare сунъий интеллект ёрдамида тиббий хизматларни таклиф қилмоқда. Жумладан, платформа беморларга уйда туриб тўлиқ кўрик, ташхис ва рецептлар олиш имконини беради. Айниқса, 2020 йил глобал пандемия TytoCare’га катта ўсиш ва даромадининг сезиларли даражада ошишига олиб келди. Қолаверса, 2021 йил лойиҳага 50 миллион АҚШ долларлик сармоя ҳам жалб қилинди.

2. Modern Fertility (АҚШ)

2017 йил яратилган стартап – Modern Fertility аёлларга репродуктив саломатлик ва ҳомиладорлик тестларидан кўп миқдорда фойдаланиш имкониятини беради. Ҳаммуассислар Aфтон Вечери ва Карли Лихи аёлларнинг ҳомиладорлик тестини текшириш қиммат ва жараён мураккаблигига гувоҳ бўлганларидан кейин лойиҳага қўл урган. Бугунги кунда лойиҳанинг баҳоси 22 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

3. Embleema (АҚШ)

Embleema стартапи 2017 йилдан буён беморларга ўзларининг тиббий маълумотларини назорат қилиш имконини тақдим этиб келади. Агар фойдаланувчи хоҳласа, ўз шифокорларига ҳам шахсий кабинетига кириш ҳуқуқини баҳам кўриши мумкин. Лойиҳанинг қиймати 3,7 миллион АҚШ долларга баҳоланган.

4. Headspace (АҚШ)

Headspace – медитация ва соғломлаштириш иловаси бўлиб, у фойдаланувчиларга йўналтирилган медитациялар ва бошқаларни тақдим этади. Стартапга Энди Паддикомб ва Ричард Пирсон 2010 йил асос солган. Ташкил этилганидан бери лойиҳага 200 000 000 АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритилди ва тадқиқотчилар томонидан кўплаб клиник синовларда фойдаланилди.

5. Novoic (Буюк Британия)

2019 йилдан бери Novoic ўзларининг сунъий интеллектга асосланган технологияси орқали неврологик касалликларни эрта аниқлашни мақсад қилган. Бу эса йиллар ўтиб Паркинсон, Aльцгеймер ва бошқа шу турдаги касалликларга дучор бўлган одамларда юзага келадиган фарқларни аниқлай олади.

Лойиҳага APEX Ventures ва Anthemis Exponential Ventures каби молиявий ташкилотлар томонидан дастлабки сармоя – 2 миллион фунт-стерлинг берилди.

6. Paige.Ai (АҚШ)

2018 йил яратилган Paige.Ai ўз технологиясидан саратонга қарши курашиш учун фойдаланади. Уларнинг сунъий интеллект технологияси тиббиёт ходимларига саратон касалликларини аниқ ташхислаш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим қилади.

Стартап лойиҳа кенгашига Мемориал Слоан Кеттеринг саратон маркази, Йел университети тиббиёт мактаби ва бошқа муассасалар мутахассислари киради.

7. Wellframe (АҚШ)

2011 йил асос солинган Wellframe лойиҳаси соғлиқни сақлаш мутахассисларига технология орқали беморлар учун ёрдам кўрсатишда кўмак кўрсатмоқда. Платформада чат функцияси, вазифаларни бошқариш имкониятлари ва мослаштирилган контент дастурлари мавжуд. 2019 йил стартап BlueCross BlueShield’нинг 20 000 000 АҚШ долларлик молиявий ёрдамини олди.

8. PlushCare (АҚШ)

PlushCare – жисмоний ва руҳий саломатлик эҳтиёжларини қондириш учун беморларни шифокорлар билан боғлайдиган телесоғлиқни сақлаш компанияси. У 2015 йил ташкил топган, телефон орқали ёрдам кўрсатиш, хусусан, 99 АҚШ долларлик учрашувлар ва малакали тиббий мутахассислар тармоғига эга.

9. DispatchHealth (АҚШ)

2013 йилдан DispatchHealth уй шароитида тиббий хизмат кўрсатади. Компаниянинг иловаси, веб-сайти ёки телефон орқали беморлар мутахассисларни чақиришлари мумкин. Шундан сўнг махсус тиббий гуруҳ манзилга етиб боради ва керакли даволаниш усулини таклиф қилади. Бу йил DispatchHealth 200 000 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ тўплади ва радиология хизматларини кенгайтирди.

10. Hinge Health (АҚШ)

2015 йил Hinge Health таянч-ҳаракат аппарати соҳасидаги соғлиқни сақлаш стартап сифатида фаолиятни бошлади. У махсус кийиладиган мосламалари ёрдамида физиотерапевтлар ва бошқа тиббиёт мутахассислари билан виртуал алоқа ўрнатади. Натижада, уйда физиотерапия хизматларини олиш мумкин. Hinge Health 2021 йил бошида 300 миллион АҚШ долларлик молиялаштириш босқичини якунлади. Ҳозирда унинг қиймати 3 миллиард АҚШ долларига тенг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг