Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Ходимлар сонини 1 000 кишига етказмоқчиман” – IT-тадбиркор билан суҳбат

“Ходимлар сонини 1 000 кишига етказмоқчиман” – IT-тадбиркор билан суҳбат

Сўнгги йиллар, мамлакатимизда IT йўналишидаги тадбиркорлар сони ортиб бормоқда. Навбатдаги суҳбатдошимиз Фазлиддин Жўраев ҳам 2016 йилдан буён дастурлаш соҳасида фаолият юритади.
Қаҳрамонимиз Бухоро вилоятида туғилган. 2010 йил Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳар филиалини тамомлаган. Ҳозир, дастурий маҳсулотлар яратувчи – “ОQILA” лойиҳасини бошқариб келмоқда.

Университетнинг илк талабалардан бири бўлдим
Бухоро шаҳрида ўқитувчилар оиласида туғулганман. Отам университетда фалсафа бўйича профессор, онам мактабда физика ўқитувчиси бўлиб ишлаганлар. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, ота-онам тадбиркорлик билан шуғуллана бошлашди. Аниқроғи, 1992 йил кичкина тикув корхонаси ташкил қилишди. Бозорда дўконимиз ҳам бор эди. У ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ўзимиз сотганмиз. Ишимиз секин-секин кенгайиб борди.
2003 йил ота-онам болаларига яхши таълим бериш мақсадида Бухородаги ишларни тўхтатишди ва биз Тошкентга кўчиб келдик. Бу ерда мен математикага ихтисослашган академик лицейини ўқиб тугатдим.
2006 йил Тошкентда Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳар филиали очилди. Ўша вақтда янги олийгоҳ катта қизиқиш билан кутиб олинган. Чунки университет жаҳоннинг энг кучли ўқув даргоҳлари рейтингида 100 таликка кирар эди. Олийгоҳга биринчилардан бўлиб ўқишга кирдим. Ҳатто, ўшанда илк талабаларни табриклаш учун Биринчи Президент Ислом Каримов келган.
2010 йил ўқишни тамомлагач турли корхоналарда ишладим. Лекин, менда болаликдаги орзу – шахсий бизнесга эга бўлиш иштиёқи йилдан йилга кучайиб борарди. Шундай қилиб, 2016 йил “ОQILA” лойиҳасини бошладим.

Бошида етарли маблағ бўлмаган
Ёшлигимдан менда кўп бизнес ғоялар бўлган. Хусусан, 2013 йилдан бошлаб “Aslbazar” номли онлайн бозор платформаси устида ишлай бошладим. 2016 йилга келиб у техник жиҳатдан тайёр бўлди. Лекин уни корхона қилиб очишга, реклама қилиш ва кундалик харажатларга пул керак эди. Менда эса, бунга етарли маблағ бўлмаган. Шунда мен буюртма асосида сайтлар яратиш хизматини йўлга қўйдим ва буни “ОQILA” деб номладим. Бу лойиҳа очилиши билан фойда келтира бошлади.
“Aslbazar” лойиҳаси қолиб кетди ва асосий эътиборимни “ОQILA”га қаратдим. Аммо, “Aslbazar” лойиҳасини вақти келиб ишга тушириш истагим бор.
“ОQILA” орқали ҳозирги кунга келиб 20 дан ортиқ турдаги интернет реклама ва дастурлаш хизматларини кўрсатамиз. Хусусан, Google’да сайтлар ўрнини кўтариш, яъни SЕО (“Search Engine Optimization” – Қидирув тизимида оптималлаштириш) бўйича Ўзбекистонда етакчилардан биримиз.
Aлбатта, қийинчиликлар ҳам доим етарли бўлган. Биринчи 5 йил жуда қийналганман. Деярли, ҳар 6 ойда корхонани қайта тузишимга тўғри келган.
2018 йил катта бир стартапни ишга туширдик. У одамларга 1 соат ичида дастурлашсиз сайт ёки интернет дўконни ишга тушириш имконини беради. Бу лойиҳамиз ҳам йилдан йилга ривожланиб бормоқда.

Барча соҳанинг ривожланиши IT’га бўлган эҳтиёжни келтириб чиқаради
Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, алоҳида фақат IT бизнесни ривожлантиришга қаратилган усуллар бор деб ўйламайман. IT ривожланиши учун ҳамма турдаги бизнеслар – хизмат кўрсатиш, аграр, енгил саноат, ҳаммаси жадал тараққий этиши керак. Улар ўз-ўзидан IT’га бўлган эҳтиёжни келтириб чиқаради. Бу табиий ривожланиш дейилади.
Шунингдек, барча соҳада адолатли рақобат бўлиши зарур, деб ҳисоблайман.

Биринчи навбатда инглиз тилини ўрганиш лозим
Фикримча, яхши дастурчига айланиш учун иқтидор билан бирга сабр-қаноат талаб этилади. Яна ўрганувчида математика ва шахматга доир билимлар бўлиши керак.
Соҳага кириб келмоқчи бўлганларга биринчи навбатда инглиз тилини ўрганишни маслаҳат бераман. Тил билмасдан туриб ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ўйлашимча, 20 ёшгача қилиш лозим бўлган энг биринчи иш шу. Кейин вақт ва имконият бўлмаслиги мумкин. Касбга киришнинг биринчи 5 йилида фақат тажриба тўплашга ҳаракат қилиш зарур. Қанча кўп тажрибага эга бўлсангиз даромад ҳам шунга яраша бўлади.

Одамларни иш билан таъминлашни хоҳлайман
Дастурлаш соҳасини танлашимга ота-онам туртки бўлганлар. Яъни улар ҳар бир ишимда мени қўллаб-қувватлаб руҳлантириб келади. Бизнес очганимда ўзимга асосий мақсад қилиб одамларни иш билан таъминлашни қўйганман. Айниқса, ёшларимиз IT соҳаси бўйича Ўзбекистонда ишлашини хоҳлайман.
Бугунги кунда қўл остимда 20 киши фаолият юритади. Келгуси беш йилликда ходимлар сонини 1 000 кишига етказиш ва Ўзбекистондаги етакчи IT-тадбиркорга айланиш мақсадидаман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг