Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Нигора Акилова: IТ соҳаси қизларга эркин ишлаш имконини беради (ВИДЕО)

       Нигора опа, илк саволимизни аёлларимиз учун қизиқарли бўлган мавзудан бошласак. Яъни, beautfy.uz платформасининг ташкил этилиши ва унинг ҳозирги кундаги фаолияти ҳақида бизни томоша қилаётган гўзаллик шайларига бироз маълумот бериб ўтсангиз...

         –       Beautify.uz Ўзбекистонда гўзаллик усталари ва фойдаланувчиларини бирлаштирган ягона платформадир. Лойиҳа гўзаллик саноатини тўлиқ рақамлаштириш учун ишлаб чиқилган бўлиб, стилистлар ўз ишларининг фотосуратларини платформага жойлайдилар, бу орқали эса мижозлар устанинг профилига ўтиб, унинг таржимаи ҳоли, иш тажрибаси ва манзили билишлари мумкин.

                Айнан қайси ҳудуддаги мутахассисларни қамраб олган?

– Аввалига лойиҳамизни фақат Тошкент шаҳри бўйлаб амалга оширишни мақсад қилган эдик, аммо талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Фарғона ва Самарқанд шаҳри бўйлаб ҳам йўлга қўйдик.

Бу платформага кириш стилистларнинг ўзлари томонидан амалга оширтиладими ёки лойиҳа мутахассислари томонидан рақамлаштириладими?

– Гўзаллик усталарининг ўзлари рўйхатдан ўтиб, ўзлари ҳақида маълумотларни ва иш намуналарини жойлаштиришлари мумкин. Бу, албатта, мутлақо бепул амалга оширилади.

Стартап лойиҳаларни ривожлантириш учун кўпроқ нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

– Аввало, яхши ғоя ва мукаммал лойиҳа яратиб, унинг аҳамиятини инвесторларга яхши етказиб бера олиш зарур. Шундагина стартап лойиҳани амалга ошириш осонроқ бўлади.

Тадбиркор сифатида сиз қонунчиликдаги қайси нормаларнинг ўзгаришини истаган бўлардингиз?

– Биласизми, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларни мамлакат ҳудудида сақлаш тўғрисида қонунга катта ўзгартириш киритиш керак. Қолаверса, МЧЖлар тўғрисидаги қонун кўриб чиқилиши керак деб ўйлайман. Чунки бу IТ соҳасидаги ҳеч қандай бизнес модельларга тўғри келмайди.

Ўзингизнинг энди иш бошлаган пайтларингизга қайтсак, нима учун бу соҳани танлагансиз? Қайси компанияда иш бошлагансиз? Иш бошлашдаги қийинчиликлар ҳақида айтиб ўтсангиз…

– Мен IТ соҳасига Аrzon Apteka лойиҳасида ишлаётган кезларим қизиқиб қолганман. Ўшанда рақобатчилари кўп бўлмаган аёлларга хос бўлган лойиҳа яратишни мақсад қилганман. Албатта, ҳамма соҳада бўлгани каби бизда ҳам қийинчиликлар бўлган. Биз бу йўналишда гўёки музни ёриб чиқяпмиз, десам муболаға бўлмайди.

Аёллар учун IТ соҳасининг афзалликлари нимада, деб ўйлайсиз?

– IТ соҳаси аёллар учун ниҳоятда катта имкониятлар ва қулайликлар тақдим этади. Бизнинг ўзбек иболи-ҳаёли қизларимизга баъзида кўпчилик орасида ишлаш ноқулайлик туғдириши мумкин. Аммо IТ соҳаси уларга ўз оламларида эркин ишлаб, оила даврасида фаолият юритиш имкониятини беради.

Биламизки PR санъаткорлар, шоу бизнес вакиллари орасида ҳам жуда кўп кузатилади. Айниқса, қора PR. Энди PR қиламан, одамларнинг оғзига тушаман, деб ҳамкасблар билан урушиб, куракда турмайдиган сўзлар айтиш қанчалик тўғри?

– Қора PR одатда назардан четда қолган, рейтингги тушиб кетган санъаткорлар томонидан ўзини эслатиб қўйиш учунгина амалга оширилади. Эътибордан четда қолган бир вақтда қандай бўлишидан қатъий назар, қора PR улар учун бир нажотдек бўлади.

Масалан, Аҳад Қаюм ўзининг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари билан ҳамиша PR қилиб юради. Лекин ҳамма нарсада ҳам меъёр бўлиши керак. Бу бора-бора одамларнинг санъат соҳасидаги инсонларга нисбатан ишончининг тушиб кетишига сабаб бўлмайдими?

– Биласизми, аввал бошдан ҳам Аҳад Қаюмнинг имижи шундай эди. Инсон шахсий PR қиёфасини яратаётганда ўзининг ҳарактеридан у қадар узоқлашмайди. Аҳад Қаюмнинг ҳам хатти-ҳаракатлари қора PR эмас, бу унинг характери ўзи шундай. Бу унинг учун оддий ҳол. Агар у қилаётган ишлар ёки гапираётган гапларни бошқа бир ҳақиқий устоз режиссёрлар қилса, ана унда бу қора PR бўлади…

Таниқли PR мутахассиси қайси президентларнинг имижини қўллаб-қувватлайди? Мухлисларнинг меҳрини қозониш учун таниқли шахслар қандай ўзларини қандай PR қилишлари керак? Буларнинг барчаси ҳақида xabar.uzнинг YouTube канали орқали кўрсатувнинг тўлиқ қисмини кўриб, маълумот олишингиз мумкин.

Эъзоза Турғунова суҳбатлашди

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг