Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

2021 йилнинг энг яхши ёш ихтирочиси: «Смарт ҳокимият» маҳаллангизга янгилик олиб киради!(ВИДЕО)

Аббос Насимов 1998 йил 15 декабрда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган;

2021 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган;

Сўнгра «O'zbektelecom» АКга муҳандис сифатида ишга жойлашган.

Ёш ходимнинг ўз ишига ижодий ва масъулият билан ёндашиши, ўзини ижобий томондан кўрсатиши унинг Тошкент ёшлар форумида «Йилнинг энг яхши ёш ихтирочиси» номинацияси ғолиби бўлишига замин яратди.

Хабарингиз бор, ўтган йил сўнгида «Тошкент ёшлар форуми»да иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли номинациялар бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтган эди. Бугунги кўрсатувимиз қаҳрамони ҳам ана шундай тақдирланганлардан бири – «Йилнинг энг яхши ёш ихтирочиси» номинацияси ғолиби Аббос Насимов. Ёш ихтирочининг «Смарт ҳокимият» инновацион лойиҳаси сизга ҳам қизиқ бўлса, «Хаbar.uz»нинг YouTube каналида кўрсатувни диққат билан томоша қилишингизни тавсия қиламиз.

«IТ» соҳасига илк қадам…

– Болалигимдан математика ва информатика фанига қизиқишим катта бўлган. Шу боис ҳам 2017 йилда ТАТУга гранд асосида ўқишга кирганман.

– Талабалик йилларингиздаги яратган илк лойиҳангиз...

– Университетга қарбул қилинганимдан сўнг бу соҳага бўлган қизиқишим янада ортди. Дастурлаш тилларини ўрганишни бошлагач, биринчи қўл урган лойиҳам бинолардаги камераларга «Face таҳлил» функциясини ўрнатиш бўлган. Аммо бу лойиҳамни охиригача амалга ошира олмаганман.

– «IТ» соҳасида кучли мутахассис бўлиш учун...

– Аввало, сизга энг яхши мутахассис кўмаги керак бўлади, яъни устозингиз кучли бўлса, сиз ҳам яхши ривожлана оласиз. Кейинги навбатда, ўз йўналишингизни аниқлаштириб олишингиз керак. Мисол учун, мен мобил дастурлашга жуда қизиққаним туфайли ўз йўналишимни шу билан боғлаганман. Энг муҳими эса инглиз тилини яхши ўзлаштиришингиз талаб этилади. Боиси, деярли барча терминлар инглиз тилида. Бу тилни билмай туриб, дастурлар ярата олмайсиз.

– «IТ» оламидаги илк ютуғингиз...

– «IТ» соҳасида эришган илк ютуғим – Тошкент ёшлар форумида «Йилнинг энг яхши ёш ихтирочиси» номинациясида ғолибликни қўлга киритганим бўлди. Мен ушбу форумда «Смарт ҳокимият» номли лойиҳам билан иштирок этдим. Хурсандчилигимни, аввало, онам билан бўлишдим. Ушбу ютуқ келажакдаги яна янги лойиҳаларимга дебоча бўлди ва юртимиз келажаги, халқимиз манфаати йўлида янада кўпроқ ҳаракат қилишимга туртки бўлди.

– Агар сиз «IТ» соҳасига қизиқсангиз...

– Ҳозирда энг ривожланиб бораётган касблардан бири бўлган «IТ» соҳасига қизиқсангиз, фурсатни бой бермай ҳозироқ ўрганишни бошланг. Бу соҳа ёш танламайди. Зеро, мана шундай совринлар сизга ҳам ярашади!

 Эъзоза Турғунова тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг