Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганяпман” — Кореядаги ўзбек тадқиқотчиси

“Сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганяпман” — Кореядаги ўзбек тадқиқотчиси

Муаллиф жўнатган фотолар

“Хориждаги ватандошлар”нинг бу галги суҳбатдоши Жанубий Кореядаги Yonsei Universityда илмий тадқиқот олиб бораётган Улуғбек Турсунов бўлди. Қаҳрамонимиз Наманган вилоятида туғилган. Тошкент молия институтини тамомлаган.

Тезроқ ишлаш бўйича мусобақалашардик

 Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Мучум қишлоғида туғилганман. Туманимиздаги 53-ўрта мактаб ва 5-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатида таҳсил олганман.

Ота-онам мен, укам ва синглимнинг ўқиши учун барча шароитларни яратиб беришган. Мактабда севимли фанларим математика, тарих ва адабиёт эди. Онам математика ўқитувчиси бўлганликлари учун уйда “чиқмаган” мисолларни кўп муҳокама қилар эдик. 5-синфлигимда биринчи ўқиган катта асарим — Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” тарихий романи. Ўша пайтлари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мухлисига айланганман. 7-синфдан мактаб-интернатда ўқишни давом эттирдим. Мактаб-интернатимиз ўқиш учун ажойиб маскан эди. Эрталаб саккиздан кечки бешгача — аввал дарслар, кейин гуруҳ машғулотлари бўлар эди. У ерда туманимиздаги энг кучли ўқитувчилар дарс беришарди. Гуруҳ машғулотларида кўпинча математикадан Марк Сканавининг масалалар тўпламини ишлардик. Устозимиз қийинроқ масалани танлаб, доскага ёзиб қўяр эдилар. Мен ва бир нечта математикага қизиқадиган ўқувчилар ким тезроқ ишлаш бўйича мусобақалашардик.

 Вақтимни ўзим тақсимлардим

Тошкент молия институти(ТМИ)ни танлашимга сабаб — биздан катта синфлардаги энг иқтидорли ўқувчилар ТМИга ўқишга киришган, мен ҳам уларга эргашиб, ҳавас қилиб ҳужжат топширганман. 2010 йили институтга қабул қилиндим. Тўғрисини айтсам, аввалига, олий таълим ҳақида кутилмаларим ўзини оқламаган. Мен ўқиш деганда эрталаб 8 дан кечки 5 гача тинмай изланишни, илмий тўгараклардаги мунозараларни тушунардим. Институтда эса, ўша пайтда яхши талаба бўлишнинг асосий мезонлари: дарс қолдирмаслик, расмий кийиниш, ҳар бир мавзуга 5-6-варақлаб конспект қилиш эди.

Лекин, пойтахтга бироз мослашгандан кейин талабаликнинг ҳақиқий олтин даври бошланди. Мамлакатимизнинг деярли ҳамма вилоятларидан ва Қорақалпоғистондан дўстлар орттирдим. Мактабдан фарқли равишда, ўз вақтимни ўзим тақсимлар эдим. Бадиий китобларга қизиқшим янада кучайди. Достоевский, Чингиз Айтматов, Толстойнинг катта ҳажмли романларини ўқишга вақт топилар эди. Институтда ўтиладиган фанлар унчалик қийин эмас эди, шунинг учун бакалавр ва магистратурани имтиёзли диплом билан битирдим.

Магистратурани битирганимиздан кейин ўша пайтда институтимиз ректори Баҳодир Бегалов (ҳозир Статистика агентлиги директори) яхши ўқиган талабаларни суҳбат қилиб ишга олганлар. Мени битирган инвестиция йўналишида бўш иш ўрни йўқ экан, лекин суҳбатдан кейин: “Математикани яхши билар экансиз, сизни статистика кафедрасига ишга оламиз”, деган эдилар. Мутахассислигим бошқа бўлгани учун, кафедрада статистика фанини бошидан ўрганишимга тўғри келган. Икки йил деярли ҳар куни дарслардан кейин қолиб инглиз тилида статистикага оид китоблар ўрганиб ўтирар эдим. Шунинг учун магистратурани икки марта ўқиганман десам ҳам бўлади.

Ҳаётимни чинакамига илмга бағишлайман деб аҳд қилдим

Чет элда илмий иш қилиш орзуси менда анча кеч туғилган. 2018 йили 2 ҳафталик малака ошириш учун Жанубий Кореяга келган эдим. Ҳайратим чексиз эди: университетда профессорлар жуда салоҳиятли, университетда илмий иш қилиш учун шароит бор эди. Шунда Кореяда энг нуфузли университетга кираман, мен ҳам шу профессорлар каби ўз ҳаётимни чинакамига илмга бағишлайман, деб аҳд қилдим. Кейин эса, “Алкимёгар”да айтилганидек, бутун дунё менга орзуимга етишиш учун ёрдам бераётгандек эди. 2019 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси ғолиби бўлдим.

Кореяда SKY ибораси 3 та нуфузли университет учун қўлланади: Сеул миллий университети, Корея университети ва Ёнсеи университети. Шу уч университетга ҳужжат топширдим. Иккитасидан рад жавоби келди. Ёнсеидаги профессорлар билан суҳбат Skype орқали бўлиши режалаштирилган эди. Лекин негадир, ҳеч уланиб бўлмади. Кейин суҳбатни бошқа кунга кўчиришларини сўрадим. Майли дейишди. Ўша пайтлари Zооm орқали видеомулоқот ҳали ривожланмаган эди. Skypeни барибир ишлата олмадим. Кейин Кореяда ишлатиладиган Kakao Talk дастурини ўрнатдим. Kakao Talk орқали суҳбат бўлди ва университетга қабул қилиндим.

Ёнсеи нафақат Кореяда, балки жаҳонда ҳам таниқли университет, халқаро рейтингларда энг кучли 100 та олийгоҳ қаторида туради. Университетга 1885 йилда асос солинган. Олийгоҳда деярли барча йўналишларда кадрлар тайёрланади, лекин тиббиёт, муҳандислик, санъат, иқтисодиёт ва бизнес соҳалари бўйича академик нуфузи юқори. Университетдаги профессорлар жуда яхши академик салоҳиятга эга. Кўпчилик профессорлар АҚШда ёки Европадаги нуфузли олийгоҳларда докторлик диссертацияларини ёқлашган. Университетнинг асосий кампусида 2 та катта 4 қаватли кутубхона бор ва деярли ҳар куни талабалар билан тўла. Айниқса, кореялик талабалар жуда тиришқоқ ва ўзларига талабчан бўлишади.

Бундан ташқари, Кореяда давлат лавозимларида иш бошлаш учун махсус имтиҳондан ўтиш керак бўлади. Айтайлик, талаба иқтисод факултетини “бир амаллаб” битирди дейлик. Лекин у марказий банкда ишламоқчи бўлса, макроиқтисодиёт фанидан комплекс моделларга асосланган имтиҳон саволларига жавоб бериши керак. Шунинг учун, талабалар сидқидилдан таълим олишади.

Руҳий ва маънавий “чиниқиш”

Авваламбор, тадқиқотчи сифатида, иқтисодиёт фанини қайтадан кашф қилдим. Университетда иқтисодиётга оид фанлар асосан формулалар, тенгламалар билан, бошқача айтганда, математик тилда ўқитилади. Олдин шунчаки ўрганган талаб-таклиф каби фундаментал тушунчаларни математик ифодаларда, тизимлашган ҳолда ўргандик. Айниқса, иқтисодиёт назарияси фани жуда қизиқарли эди. Фаннинг 2-қисмини ўқимоқчи бўлдим, аммо корейс тилида экан. Иқтисодиёт назарияси профессорига “Корейсчада тушуна олмайман, лекин 2-қисмни ҳам ўқимоқчиман”, деб ёзсам, бу фанни ҳозир ўқимасанг ҳам бўлади, деб жавоб қайтарди. Лекин барибир, шу фанни ўқиш учун танлаб олдим. Дарсда ҳеч нарсани тушунмас эдим. Шунинг учун деярли ҳар ҳафта, иқтисод назарияси профессоринининг офис соатларига қатнардим, профессор бир ўзимга соатлаб тушунтирар эди. Кейин бир куни, ўша профессор: “Улуғбек, назария бўйича илмий иш қилмоқчи бўлсанг менга айт”, деб қолди. Шундай қилиб, ўша профессор билан назарий иқтисод бўйича тадқиқот қилишни бошладим.

Бундан ташқари, чет элда яшаш руҳий ва маънавий “чиниқтиряпти” десам ҳам бўлади. Бу ерда ҳаётим жуда текис кетяпти, дея олмайман. Кореяда оилам билан яшайман. Ўртанча қизимиз 7 ойда туғилгани унинг соғлиғида жиддий муаммоларга сабаб бўлган. Шунинг учун, доим шифокорлар назоратида туради ва реабилитацион марказга мунтазам қатнаймиз. Бундай пайтда ота-онанинг озгина умидсизлиги фарзанднинг келажагига салбий таъсир қилиши мумкин. Оилам Кореяга янги келган вақтида (дастлабки 9 ой), тиббий суғурта амал қилмас эди. Бир кунда текширувлар учун 500-1000 АҚШ доллари сарфлаган пайтларимиз бўлган. Оила бошлиғи ва ота сифатида, бошқа ҳамма нарсада тежасам-да, қизимнинг соғлиғи учун қўлимдан келган барча шароитни яратишга ҳаракат қиламан. Қийинчиликларга қарамай, ота-онам, укам, синглим ва турмуш ўртоғим доим қўллаб-қувватлаб келишяпти. Бу менга ишонч бағишлайди. Бундан ташқари, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг молиявий кўмаги ҳам жуда катта ёрдам беряпти.

Сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганяпман

Юқорида айтганимдек, назарий иқтисод соҳасида тадқиқот қиляпман. Мавзуимга келсак, сунъий интеллект (кейинги ўринларда — СИ)нинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганаман. 2023 йилдан СИ технологияларига эътибор кучайди. Айниқса, OpenAI компанияси катта тил модели ёрдамида ишлайдиган ChatGPT чат-ботни кенг оммага таништириши ижтимоий тармоқларда ҳам, капитал бозорида ҳам ўзига хос СИ “ҳайп”ини яратди.

Ҳозир ёзаётган мақолам инсонлардаги когнитив нохолисликларнинг СИ ёрдамида қарор қабул қилишга таъсирини моделлаштириш ҳақида. Тасаввур қилинг, бизнес бошқарувчисисиз ва  янги лойиҳага инвестиция киритиш ҳақида қарорни қабул қилишингиз керак. Бу ерда бозор, бизнес тузилмаси ҳақида жуда кўп маълумотлар бор. Ўрганиб чиқиш учун жуда кўп вақт кетади. Бу маълумотларни сунъий интеллектга (масалан, ChatGPTга) киритиб, қарор қабул қилишда унинг хулосасидан фойдаланмоқчисиз. Бу билан сиз анча вақт  тежашингиз мумкин. Лекин, СИ ҳам хато қилиши мумкин. Буни ҳисобга олиб, қарорингизнинг аслида 20 фоизини СИ хулосаси билан, 80 фоизини ўз таҳлилингизга асосланиб қилишингиз керак дейлик. Лекин, инсонларда турли когнитив нохолисликлар бор. Масалан, компютер дастурларига ортиқча ишонч. Буни автоматлаштириш нохолислиги дейиш ҳам мумкин. Мана шу нохолислик туфайли сиз қарор қабул қилишда СИга 20 фоиз эмас, 50 фоиз асосланишингиз мумкин, бу эса охир-оқибат нотўғри қарор қабул қилиш эҳтимолини оширади ва иқтисодий самарадорликни пасайтиради. Мана шу жараённинг иқтисодий-математик моделини яратиш ва бу асосда муаммони аниқ тавсифлаш менинг ҳозирги мақоламнинг асосий масаласи.

Умуман олганда, мавзуим СИдан тўғри фойдаланиш ҳақида иқтисодий тафаккурга асосланган таклифларни ишлаб чиқиш. Ҳозир ва яқин келажакда илмий ишим мавзуси мамлакатимиз учун ҳам бутун дунё миқёсида ҳам муҳим эканлигига ишонаман.

Математик билимлар устида кўпроқ ишлашни маслаҳат бераман

Иқтисодиёт соҳасида фикрлар аниқ бўлиши ва таҳлилий фикрлаш кўникмаси жуда муҳим. Шунинг учун, математик билимлар устида кўпроқ ишлашни маслаҳат берган бўлар эдим. Бундан ташқари, иқтисодий таҳлил учун компютер дастурлаш тилларини ўрганишлари муҳим. Яна шуни таъкидлаш жоизки, иқтисод бу гуманитар — яъни инсонлар ва уларнинг хулқ-атворлари ҳақидаги фан. Шунинг учун, жамиятдаги маданий, технологик ўзгаришларни диққат билан кузатиб бориш иқтисодчи учун зарур. Чунки, иқтисодиёт илмидаги қоидалар, тезислар вақт ва макон бўйлаб ўзгариб боради. Ушбу ўзгаришларни тавсифлаб, янги илмий мақола ва илмий ишлар яратиш мумкин.

Инсон капитали иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверига айланиши мумкин

Жанубий Корея ривожланган иқтисодиётга эга, Осиёдаги энг фаровон мамлакатлардан бири. Мамлакатда йирик молиявий ресурсга эга корпорациялар ва малакали инсон капиталининг мавжудлиги янги технологиялар ишлаб чиқилишига ва амалиётга жорий этилишига замин яратяпти. Бундан ташқари, давлат бошқаруви ва ички ишлар тизими самарали ташкил қилинган. Лекин иқтисодиётда катта корпорацияларнинг улуши юқори. Ўртача кореялик ёш агар давлат хизматида ёки катта корпорацияларидан бирида иш топса, бу деярли унинг келажакдаги молиявий барқарорлигини кафолатлайди. Лекин, ҳукумат ва катта корпорациялар ҳаммани иш билан таъминлай олмайди. Кичикроқ фирмаларда эса доимий иш ўрни мавжуд бўлиши қийин. Шу туфайли ижтимоий нотенглик катта муаммога айланиб боряпти. Бундан ташқари, таълим ва уй-жой нархлари қимматлиги сабабли, кўпчилик корейс ёшлари оила қурмасликни маъқул кўришяпти. Оқибатда мамлакатда туғилиш даражаси жуда паст бўлиб турибди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг иқтисодий фаровонликни ошиши учун афзаллик берадиган жиҳатдаларидан бири бу — меҳнат ресурсларининг етарлилиги. Ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 53 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Агар таълим даражаси тадрижий яхшиланиб борса, Ўзбекистонда инсон капитали иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверига айланиши мумкин. Ўзбекистон — ривожланаётган ва бозор муноасабатларига ўтиш даврини бошдан кечираётган давлат. Бундай мамлакатларда иқтисодий муаммоларнинг кўп бўлиши табиий албатта. Лекин асосий муаммолар, назаримда, иқтисодиётда давлат улуши мавжуд корхоналар салмоғи кўплиги, суд-ҳуқуқ тизими тўлиқ функционал ишлай олмаётгани ва божхона божлари нисбатан юқори эканлигида кўриш мумкин.

Корейс миллатдошлари каби қабул қилишлари бироз қийин

Корея борасида ижобий таасуротларим кўп. Мамлакат ҳудудининг 60 фоизидан кўпи ўрмонлар ва дарахтзорлар, ажойиб табиатга эга. Жамоат транспорти қулай ва арзон. Тиббиёт тизими жуда ривожланган. Аммо бу ерда “чет эллик” сифатида яшашга мажбурсиз. Корейс миллатига мансуб таниш орттиришингиз мумкин, лекин улар сизни бошқа корейс миллатдошлари каби қабул қилишлари бироз қийинроқ. Бу ҳақида адашмасам, социологик ва тарихий нуқтаи назардан тадқиқотлар ҳам бор. Яна бир жиҳат, кўп ўзбекистонликлар Кореяга талаба визаси билан келишади. Чунки, ўқиш учун виза олиш осонроқ. Бу ерга келгандан кейин асосан ишлашади. Албатта уларни тўғри тушунаман, ҳамманинг ўз орзулари ва унга етишиш усуллари ҳар хил. Лекин, чет эллик талабалар ишлайдиган ишлар кўпинча оғир ва инсон саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин.

Саволнинг иккинчи қисмига келсак, фикримча жуда кўп ижобий жиҳатларни ўзлаштиришимиз керак. Лекин, мамлакатимиз учун ўзлаштирилиши энг долзарб бўлган тизими бу — соғлиқни сақлаш тизими бўлса керак. Тизимда шифохоналар асосан икки бўғинга бўлинган: оддий хусусий шифохоналар ва катта (асосан университетлар қошида) шифохоналар. Оддий хусусий шифохонлар жуда кўп, кўпчилигида 2 ёки 3 та малакали шифокор ишлайди. Агар шикоятингиз жиддий бўлса, сизга университет касалхонасига йўлланма ёзиб беришади. Кореядаги университетларнинг кўпчилигида тиббиёт факултетлари бор. Ушбу факултетлардаги профессорлар университет шифохоналарида ҳам ишлашади. Айтиш мумкинки, тиббиёт профессорлари жуда малакали. Қизимни ҳар сафар олиб борганимда, эътибор бераман, таҳлил натижалари билан бирга профессор компютерида, хорижий журналда чоп этилган мақола очиқ турган бўлади. Яъни профессор, таҳлил натижаларига соҳадаги сўнгги илмий тадқиқотларга асосланиб баҳо беради. Университет шифохоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Тиббиётнинг бу даражадаги сифатидан келиб чиқиб, касалхона тўловлари ҳам қиммат. Лекин, Кореяда миллий суғурта тизими мавжуд бўлиб, касалхона тўловларининг 70-80 фоизини қоплайди. Ўзбекистонда ҳам университетлар қошида тиббиёт факултетлари ва шифохоналарни кўпайтириш керак, назаримда. Бундан ташқари, аҳолини давлат тиббий суғурта тизими билан ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам кун тартибига чиқиши керак.

Мен учун энг яхши асарлар

1) Паоло Коэлонинг “Алкимёгар” асари. Инсонни доим ўз орзусига ишониб яшашга ўргатади. Бу китобни ўқигандан кейин инсонда соғлом оптимизм шаклланади. 2) Достоевскийнинг “Телба” романи. Буюк таржимон Иброҳим Ғафуров ўзбек тилига ўгирган. Муаллиф содда ва бегуноҳ княз Мишкин ахлоқи ўша пайтдаги кўпчилик рус киборларининг худбин ахлоқига қарши қўйилган, шунингдек, Достоевский қаҳрамонлар руҳий ҳолатига жуда чуқур кириб борган. Қаҳрамонлар тилидан ўша пайтдаги жамиятдаги воқеаларга қизиқ ва асосли фикрлар янграйди. Масалан, қотил учун ўлим жазоси унинг қилмиши учун жуда оғир жазо дейди княз Мишкин суҳбатлардан бирида. Чунки, ўлим жазосини олган маҳкум нафақат ҳаётидан маҳрум бўлади, балки муқаррарлик — ҳаёт тугашининг муқаррарлиги ваҳимаси билан ҳам юзма-юз келади. 3) Режиссёр Фрэнк Дарабонднинг “Шоушенкдан қочиш” филми. Инсон матонати ҳақидаги киноасар. Бош қаҳрамон, қанчалик қийин бўлмасин, мақсад сари илдамлаши, тушкунликка тушмаслиги билан инсонни илҳомлантиради.

Ўзимнинг мақсадларимга келадиган бўлсам, иқтисодиёт соҳасига сезиларли илмий ҳисса қўшмоқчиман. Бунинг учун яна қанча изланиш, ўқиш керак бўлса тайёрман. Уч нафар қиз фарзандим бор, уларга жамиятда ўз ўрнини топиши, ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилиши учун керакли молиявий, маънавий ва руҳий ёрдам бераман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг